/ categories / Other / @FotihaUz / post #14843
11.55K

Динга келсак, ҳаммамиз динини мукаммал фаҳмлаш гумонида. Шариат уламо ва фуқаҳоларидан ҳам олимроқ деган даъвода. Буни икки тоифа одамда янада равшанроқ кўрамиз: диндорлардан жоҳиллари ва динсизлардан жоҳиллари. Улар Аллоҳнинг номидан фатво беришга журъатли бўлиб, шариатдан хабари бўлмагани ҳолда бемалол ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилишади. Улар ҳақиқат устига ҳам журъат қилишади ва дин деб ҳавои нафсларига мувофиқ, майл ва истакларига тўғри келадиган нарсаларни тушунишади. Шу сабаб диндор жоҳиллар ўртасида турли бидъат ва хурофотлар тарқаса, жоҳил либераллар ўртасида мутлақ эркинлик, дин ва унинг низомларидан чекиниш кенг ёйилади. Агар улар ва булар ҳамма нарсанинг чегарасини ва ҳар илмнинг усулини билганларида эди, билган нарсаларида шариат чегарасида тўхтаган ва билмаган нарсаларида Аллоҳнинг динини биладиган уламолардан сўраган бўлар эдилар. Шунда жамият иши тўғри бўлган ва одамлар ҳаёти тартибга тушган бўлар эди. Ҳаром ишлар ҳалол бўлмаган ва покиза нарсалар ҳаром қилинмаган, дин номидан қонлар тўкилиб, қариндошлик алоқалари узилмаган бўларди. Дин буларнинг ҳаммасидан покдир.
Сиёсат бўлса, бизларнинг ҳар биримиз бу борада бошқалардан кўра яхшироқ тушунчага эканимизни ва унинг тўғри йўналишларини бошқалардан кўра яхшироқ идрок этишни даъво қиламиз. Сўнг ўзимизга сиёсат борасидаги қарашларимизда ҳеч қачон хато қилмайдиган авлиёлик мақомини бериб оламиз (“мен айтмаганмидим”, “буни аллақачон сезгандим”, “суриш керак” дея фахрланишу ақллилик қилишлар бунга мисол). Ва, билъакс, бошқаларга сиёсат фанларида ҳеч қачон тўғри тушунчага эга бўлмайдиган нўноқ ва жоҳил ёрлиқларини ёпиштирамиз. Қанийди муаммо шу билан тугаганда эди. Балки бундан кейин ниятларга туҳмат қилиш, мақсадларни тафтиш этиш ва услубни айблаш ишлари бошлаб юборилади. Сиёсатда бизга тескари фикрга эга бўлган ҳамма хоин. Ҳукмда бизга мухолиф бўлган ҳамм порахўр ва ўғри. Рост, сиёсий тушунчалар ва тўғри ахлоқий қадриятлар мана шундай равишда қўлдан берилди. Бу билан ватан тупроғида шаккоклик уруғлари экилди. Шундан халқ сиёсатчига ишонмаяпти, сиёсатчи бўлса, халқни ҳурмат қилмаяпти.
Сиёсий ва ижтимоий ахлоқимиздаги бундай хатарли бузилиш сабабларидан бири кўпгина сиёсатчиларнинг ҳақиқат ва тўғрилик асосларидан узоқлашиб кетишгани, мухолифат ресурсларининг танқидда ва ҳукуматпараст тоифаларнинг маддоҳликда ҳаддан ошишлари эканини инкор қилмайман. Буларнинг барчасининг биз кўриб турганимиз қарорларимиздаги ўздан кетиш ва ғурурга берилишда ва бошқаларга нисбатан муносабатларимизда катта таъсири бор. Лекин бу жамиятнинг сиёсатга нисбатан бузуқ тушунчаларидан пайдо бўладиган масъулиятдан соқит қила олмайди. Агар жамият соғлом тушунчага эга бўлганида алдамчи тарғиботлар ва тўқима ёлғонлар таъсирланмаган бўларди. Туҳмат эгаларидан даъволарига далил талаб қилар эди. Тўғри тушунчага эга бўлган жамиятларда ҳам умумий масалаларда зиддият тугамайди. Лекин уларнинг ихтилофи кўпроқ ҳақиқатга ёндошув билан, миллатнинг олий манфаатларига кўпроқ садоқат билан бўлади. Масалан ривожланган мамлакатларда партиялар турлича дастурларга ва сиёсатчилар қарама-қарши фикрларга эга бўлишади. Лекин шу билан бирга улар ўзларидан бошқаларнинг қарашларини ҳурмат қилишади, бирлари бошқаларининг қарашларига ҳам ўрин қолдиришади. Ҳатто битта партияга аъзо кишилар ўртасида фикрлар фарқланади, қарашлар қарама-қарши бўлади. Лекин иш режа ва дастурни тўғри ўзанга солиб юборишдаги ҳаракатлардан ташқарига чиқмайди. Гарчи ҳамма бир хил қарорга келмаса-да, лекин кўпчилик бир фикр остида жамлана олади ва камчилик уларга мухоли бўлиб, сўнг йўлда биргаликда давом этади.


14:02 29.10.19
@FotihaUz
134.66K -455

© Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт! Реклама: @M_advertising